locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Испания олтин учун йўлда, Уругвайга Саудия Арабистони ва Кабо-Верде қийинчилик туғдириши мумкин. H гуруҳи ҳақида барча маълумотлар

Бу ерда Уругвай, Саудия Арабистони, Кабо-Верде ва Испания жой олган.
Испания олтин учун йўлда, Уругвайга Саудия Арабистони ва Кабо-Верде қийинчилик туғдириши мумкин. H гуруҳи ҳақида барча маълумотлар
ФОТО: Getty images

Жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақида сўз юритишда давом этамиз. Навбат H гуруҳига етиб келдик. Бу ерда Уругвай, Саудия Арабистони, Кабо-Верде ва чемпионлик учун асосий даъвогар Испанияни кўрсатиш мумкин.

Испания
Мураббий
Луис де ла Фуэнте — сўнгги йилларнинг энг муваффақиятли мураббийларидан бири. У ҳатто ўзига хос феномен: Испанияни бир вақтнинг ўзида учта ёш тоифасида Европанинг энг яхшисига айлантирган.

У дастлаб U-19 ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиқди, кейин ёшлар терма жамоаси билан муваффақият қозонди ва Евро-2024 да катталар жамоасини олтин медалга олиб чиқди. Шунингдек, у миллий жамоадаги фаолиятини Миллатлар лигаси “Финал тўртлиги”даги ғалаба билан бошлаган.

Юлдузлар

Испаниянинг асосий гавҳари — Ламин Ямал. Унинг жисмоний ҳолати хавотир уйғотмоқда, аммо идеал формадаги Ямални кўриш мухлислар учун катта орзу.

Шу билан бирга, жамоада бошқа кучли футболчилар ҳам етарли: Ферран Торрес, Микел Оярсабал, Педри.

Мақсад

Фақат чемпионлик. Испания финалгача етиб бориши шарт. Тўртликдан паст натижа — муваффақиятсизлик деб баҳоланади.

Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 16,30%

Уругвай

Мураббий

Марсело Биелса — футбол дунёсида алоҳида ҳодиса. Бироқ унинг услуби ҳар доим ҳам футболчилар билан осон тил топишишга имкон бермайди. Копа Америка-2024 пайтида жамоа ичида муаммолар юзага келган, бу ҳақда Луис Суарес очиқ айтган.
Мураббийнинг қаттиқ интизоми баъзи футболчилар томонидан босим сифатида қабул қилинган.

Юлдузлар

Жамоанинг етакчиси — Федерико Вальверде. У нафақат ўйини, балки руҳияти билан ҳам жамоани етаклайди. У Қатардаги ЖЧдаги муваффақиятсизликдан кейин ўзини қайта исботлашни мақсад қилган.

Мақсад

Гуруҳдан чиқиш. Уругвайдан катта натижа кутиш қийин.

Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 1,54%

Кабо-Верде

Мураббий

Педро Брито (Бубишта) — миллий қаҳрамон. У аввал жамоа сардори бўлган, кейин эса 2020 йилдан бошлаб термани бошқармоқда. Унинг қўл остида жамоа илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олди.

Юлдузлар

Терма жамоа юлдузлари сафида Гарри Родригес, Райян Мендесни кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Кевин Ленини ва Жован Кабрал ҳам асосий юлдузларга айланиши мумкин.

Мақсад

Саудия Арабистони билан учинчи ўрин учун кураш ва имкони бўлса плей-оффга чиқиш.

Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 0,02%

Саудия Арабистони

Мураббий

Георгинос Донис апрель ойида жамоани қабул қилди. У Эрве Ренар ўрнини эгаллади. Грек мутахассисининг асосий афзаллиги — маҳаллий футболни яхши билиши.

Юлдузлар

Саудияликлар сафида Салем Ал-Довсари, Сауд Абдулҳамид ва Фирас аАл Бурайкан каби юлдузлар борлигини айтиш керак.

Мақсад

Кабо-Верде билан учинчи ўрин учун кураш.

Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 0,06%

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг