locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Маматказин: «Навбахор» билан мақсадим — чемпионлик ва Кубокни ютуш»

Наманганнинг «Навбахор» клуби айни пайтда ёзги йиғилини Туркияда давом эттирмоқда. Жамоа 11 турдан сўнг чемпионатда 4-ўринда.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ислом Маматказин: «Навбахор» билан мақсадим — чемпионлик ва Кубокни ютуш»
photo: Navbahor FK

Наманганнинг «Навбахор» клуби айни пайтда ёзги йиғинни Туркияда давом эттирмоқда. Жамоа 11 турдан сўнг чемпионатда 4-ўринда.

Таркибида маҳорати баланд ва шу билан бирга келажаги порлоқ футболчилар йиғилган. Улардан бири истеъдодли ҳимоячи Ислом Маматказин ва у ҳозирги пайтга келиб, наманганликларнинг ҳимоя қўрғонида мустаҳкам ўйинчилардан бирига айланган.

Маматказин «Навбахор»га чемпионат бошида қўшилди. Суперлигада 8 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол урди. Кубок баҳсида эса 2 та учрашувда қатнашди.

Ислом наманганликлар таркибида Туркия йиғинда иштирок этиш билан бирга Tribuna.uz учун интервью беришга ҳам вақт топди.

- «Навбахор» билан Туркия йиғинда қатнашяпсиз. Айтинг-чи, у ердаги ёзги йиғин қандай ўтяпти?

- Туркияда йиғин бошлаганимизга ҳам бир ҳафтадан ошди. Биринчи ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Ҳаммаси яхши кечяпти, қизиқарли. 2 июль куни Туркиянинг «Истанбул Башакшехир» жамоаси билан ўйнаймиз. Бу баҳс ҳам қизиқарли бўлади.

- У ердаги тайёргарлик жараёнида энг асосий нарса нима?

- Туркияда аввало, жисмоний ҳолатга эътибор қаратилган. Қолаверса, яхши спарринг-рақиблар билан ўйинларимиз бор.

- Маълумки, мавсум аввалида клубга қўшилдингиз. Бошида захирадан тушиб ўйнадингиз, кейин асосий таркибдан жой олдингиз. Мураббийнинг ишончини қозониш учун нима қилдингиз?

- Ҳа, клубга йил бошида қўшилганман. Захирада? Барибир ҳаммада мослашиш жараёни бўлади. Мен билан боғлиқ асосий сабаби шундаки, ўтган йили охирги 4 ойни жароҳат туфайли ўтказиб юборгандим. Жароҳатим яхши тузалмаганлиги боис бу ерга келиб, бошида спорт формамни тиклаш учун бираз қийинчиликлар бўлди. Худога шукр, кейин барчаси яхши бўлиб кетди.

- Темур Кападзе билан илк бор ишлаяпсиз. Олдин у сизни олимпия миллий жамоасини бошқарган пайтда ҳам йиғинга чақирганини биламан. Кападзега қандай таъриф берасиз? У билан ишлаш қандай кечяпти?

- Тўғри айтасиз, Кападзе билан кўп ишламаган бўлсам ҳам авваллари бир-икки бор миллий жамоа йиғиларига чақирган. Темур Кападзе билан ишлаш яхши. Тактик ва яна бошқа жиҳатлар бўйича кўп нарса ўрганса бўлади.

- Клубнинг ҳозирги эгаллаб турган ўрни ўйинига мос дея оласизми?

- Жамоамизни турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнига келсак, биз бундан ҳам юқорида бўлишга лойиқмиз. Жамоа 90 фоизга янгиланган. Шу сабабдан бошидан футболчиларни бир-бирини тўлиқ тушуниб олиши учун вақт кетди.

- Илгари «Андижон»да ҳимоячи сифатида голлар уриб турардингиз. «Навбахор»да ҳам бу ишни бажаришни қанчалик хоҳлайсиз ёки мураббийлар ҳимоядан чиқмаслигингизни айтишадими?

- «Андижон»даги фаолиятимга келсак, кўпроқ стандартларга урғу қаратиларди ва биз ҳам ҳужумга ёрдамга ўтардик. Вазиятларимиз кўп бўларди. Бу ерда асосан ўйинни назорат қилиш тактикаси асосида ҳаракат қиляпмиз.

- Маълумки, 2024 йилги Ўзбекистон Кубоги финалида «Навбахор»га гол ургансиз. Бу жамоага келганингизда ўша финал ва голингизни эслашдими?

- Ҳа, бу жамоага Кубок финалида гол урганман. Лекин Кубокдан ташқари бошқа ўйинларда ҳам бир неча бор «Навбахор» дарвозасини ишғол қилганман. Бошида мени ҳазил-ҳузул қилиб яхши кутиб олишди. Гоҳида эслаб турамиз, яхши хотира бўлиб қолган.

- Жамоада энг яқин дўстингиз ким? Кўпроқ ким билан мулоқот қиласиз?

- Жамоада ички муҳит зўр, ҳамма бир-бири билан дўстона. Маҳаллий ўйинчилардан Диёр Холматов, Муҳаммадали Усмонов, Шуҳрон Йўлдошев, легионерлардан Георги Жгереная билан кўп мулоқотдамиз. Лекин умумий олганда, барча йигитлар билан ажойиб муҳит шаклланган.

- «Навбахор» билан олдингизга қўйган асосий мақсадингиз нима?

- «Навбахор» билан мақсадлар юқори. Жамоа билан чемпионлик ва Кубокни ютуш. Худо хоҳласа, қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг