Ислом Махачевнинг навбатдаги рақиби ва жанг санаси маълум бўлди
UFCнинг ярим ўрта вазн тоифасидаги амалдаги чемпиони Ислом Махачев навбатдаги жангини бразилиялик Карлос Пратесга қарши ўтказиши мумкин. Ташкилот раҳбарияти икки спортчи ўртасидаги чемпионлик жангини ташкил этиш устида ишламоқда. Бу ҳақда испаниялик инсайдер Алваро Колменеро хабар бермоқда.
Манбага кўра, музокаралар муваффақиятли якунланса, Махачев ва Пратес 2027 йилнинг 30 январь куни Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган UFC 336 турнирида ўзаро тўқнаш келади. Инсайдернинг таъкидлашича, бразилиялик жангчи ҳозирдан тўлақонли машғулотларга киришиши мумкин. Бироқ UFC ҳозирча ушбу жангни расман тасдиқламаган.
32 ёшли Карлос Пратес ярим ўрта вазн рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. У сўнгги жангида собиқ UFC чемпиони Жек Делла Маддаленани учинчи раундда техник нокаут билан мағлуб этган. Ушбу ғалабадан сўнг бразилиялик спортчи чемпионлик камари учун асосий даъвогарлардан бирига айланган.
Маълумот учун, 35 ёшли Ислом Махачев профессионал ММА фаолиятида 29 та ғалаба ва битта мағлубият қайд этган. У UFCда кетма-кет 17 та жангда ғалаба қозонган. Сўнгги бор 16 август куни UFC 330 турнирида Ян Гаррини ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб этган. Карлос Пратес ҳисобида эса 24 та ғалаба ва 7 та мағлубият мавжуд бўлиб, у 22 та жангни муддатидан олдин якунлаган.