Ислом Ахмедов: «Ҳозир осон ўйиннинг ўзи йўқ»
«Андижон» - «Хоразм» (1:0) учрашувидан сўнг жамоамиз устози Ислом Ғуломович Ахмедов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бугунги ғалаба билан барча андижонлик мухлисларимизни чин қалбимиздан табриклаймиз. Ўйинга келсак, осон кечмади. Бундан буён ҳам жамоалар етарлича қаршилик кўрсатишади. Осон учрашувларнинг ўзи йўқ. Бу нимадан далолат? Барча клублар кучайиб бормоқда. Шунинг учун бу учрашув осон бўлмаслигини олдиндан билгандик. Шу сабабли футболчиларга тушунтирдик. Уларга раҳмат айтамиз, мувозанатни йўқотмасдан охиригача ҳужумкор ўйнашга ҳаракат қилишди. Ҳимояланаётган жамоага гол уриш жуда ҳам қийин. Лекин қаноотларни ўзгартирдик ва охирида рақиб дарвозасига йўл топа олдик.
- Жамоа «Нефтчи» билан яхши ўйнаганди. Охирги иккита турда эса креативлик етишмагандек. Рақибга мослашиб ўйнаётгандек таассурот уйғотяпти. Кучлиларга қарши кучлироқ ва ўртаёминаларга қарши шунга яраша ўйнаётгандек...
- Ундай демаган бўлардим. Чунки ҳозир айтганимдек, кучсиз жамоа йўқ. «Хоразм»ни ўйинларини ҳам таҳлил қилганимизда жуда яхши ўйин кўрсатишган. Кучсиз деб ҳисобламайман. Ҳимояланаётган жамоага қарши ўйнаш қийинроқ. Очиқ, ҳужумкор ўйнайдиган клубларга қарши беллашувларда бизда вазиятлар кўпроқ бўлади. Чунки олдинга ўтаётганда орқада бўш ҳудудлар пайдо бўлади. Ҳимоявий ўйнаётган жамоаларни ёриб ўтиш бироз қийинроқ кечяпти.
- «Хоразм» биринчи дақиқадан беш нафар ҳимоячи билан ўйнади. Ҳар бир жамоада А ва Б режалар бўлади. Иккинчи бўлим бошиданоқ икки нафар ҳужумчи билан ўйнаса бўлмасмиди?
- Режамизда бор эди. Ўйинни бошидан ўзгартириб юборсак, ўхшамай қолиши мумкин. Чунки марказни бериб қўйишимиз ҳеч гап эмасди. Ундай бўлса, тўпни назорат қила олмай қолишимиз ҳам мумкин эди. Агар гол урмайдиган бўлсак, яна иккинчи ҳужумчини ҳам тушириш режамизда бор эди.
- Захирадан майдонга тушган ўйинчилардан кўнглингиз тўлган бўлса керак. Ғалабага Черан, Сулаймонов, Боаке каби футболчилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишди...
- Захирадан майдонга тушиб ўйинни янада кучайтириб беришяпти, кўнглимиз тўлди. Ғалабага юқори ҳиссасини қўшишди.
- Шохмалик Комилов захирада қоляпти. Бунинг сабаби нимада?
- Шохмалик жуда иқтидорли ўйинчи. Имконият бўлади. Очиғи, бизда марказда рақобат жуда кучли. Шохмалик машғулотларда ўзини яхши кўрсатяпти. Албатта, унга ҳам имконият берамиз.
- «Андижон» U21 иштирокидаги ўйинларда негадир асосий жамоа мураббийлар штаби кўрмаймиз...
- Доим Ютуб тармоғи орқали ўйин тўғридан-тўғри эфирга узатилади ва биз кузатиб борамиз. Қолаверса, учрашувдан кейин шахсан ўзим ўйинни яна такроран кўриб чиқаман. Мураббийлар билан бу хусусида маслаҳатлашамиз, гаплашамиз. Улар назоратсиз қолмаган. Доим ёшлар жамоамиз ўйинларини ҳам таҳлил қиламиз. Фақат бизда ўйиндан бир кун олдинги машғулотимиз кўпинча ўйин вақтига тўғри келиб қоляптгани учун бора олмаяпмиз. Лекин албатта, вақт топамиз.
- Муҳаммадкарим Тўиров қайдномада кўринмади...
- Кечаги машғулотимизда микро жароҳат олиб қолди. Худо хоҳласа, «Пахтакор» билан ўйингача сафга қайтади, деган умиддамиз.