Исак «Ливерпул»га ўтганидан афсусланмадими?
«Ливерпул» ҳужумчиси Александер Исак мерсисайдликлар сафига ўтганидан ҳеч қачон афсусланмаганини маълум қилди. Швециялик футболчининг айтишича, дебют мавсумидаги қийинчиликлар ва оғир жароҳатга қарамай, у трансфер борасидаги қарорини бирор марта шубҳа остига олмаган. Бу ҳақда BBC Sport нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Исак учун «Ньюкасл»дан «Ливерпул»га ўтиш осон қарор бўлган. Ҳужумчи бунга клубнинг миқёси, юқори мақсадлари ва уни жамоага қўшиб олишга бўлган қатъий истаги сабаб бўлганини таъкидлаган. Исак 2025-йил сентябрида трансфер ойнасининг сўнгги кунида 125 миллион фунт эвазига «Ливерпул»га кўчиб ўтган.
«Йўқ, ҳеч қачон. Мен бундай ўйламаганман. Оёқ синиши жуда оғир бўлди, узоқ муддатли жароҳатни бошдан кечирган ҳар қандай футболчи буни тушунади. Аммо ҳозир ортга қарашдан фойда йўқ. Мен фақат олдинга қараяпман ва бу мавсум бизга нималар олиб келишидан жуда умидворман», — деди Исак.
Маълумот учун, Александер Исак «Ливерпул»даги илк мавсумида барча мусобақаларда 22 та учрашувда 1 032 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Декабрь ойида оёғини синдириб олган ҳужумчи апрелгача сафдан чиққан. Жорий мавсумда эса у Премьер-лигадаги дастлабки 4 та ўйинда 3 та гол уриб, ўтган мавсумдаги чемпионат кўрсаткичини аллақачон такрорлади. Исакнинг Премьер-лигадаги умумий голлари сони 60 тага етган.