Ирландия мураббийи УЕФАдан жамоасини Исроил билан бошқа тўқнаш келтирмасликни сўради
Ирландия терма жамоаси бош мураббийи Хеймир Халлгримссон Миллатлар лигасида Исроилга қарши ўтказилган икки учрашувдан сўнг УЕФАни келажакдаги қуръаларда бу икки терма жамоани бир гуруҳга туширмасликка чақирди. Мутахассис сўнгги икки ҳафта жамоаси учун жуда мураккаб кечганини таъкидлаган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Халлгримссон: “Улар бошқа бир-бирига қарши ўйнамаслиги керак. Аммо бу қарорни биз эмас, УЕФА қабул қилади. Ҳеч бир терма жамоа биз сўнгги икки ҳафтада бошдан кечирган вазиятга тушишини истамайман”, — деган. Мураббий УЕФА мазкур ҳолатга аралашиб, келажак учун ечим топиши кераклигини ҳам билдирган.
Ирландия ва Исроил ўртасидаги 4-октябрь кунги баҳс Сербиянинг Бачка-Топола шаҳрида, томошабинларсиз ўтказилди ва 1:1 ҳисобида якунланди. Трой Парротт пенальтидан Ирландияни олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлим бошида Дор Перец ҳисобни тенглаштирди. Учрашув олдидан ва давомида икки жамоа ўртасида кескинлик кузатилди.
Маълумот учун, терма жамоалар ушбу Миллатлар лигаси мавсумида икки марта учрашди: 27-сентябрь куни Ирландия 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди, 4-октябрдаги жавоб баҳси эса 1:1 ҳисобида якунланди. Тўрт турдан сўнг Ирландия 5 очко билан B3 гуруҳида учинчи, Исроил эса 2 очко билан сўнгги ўринда бормоқда.