«Ипсвич» «Байер» ярим ҳимоячиси Эсекиел Паласиосни трансфер қилмоқчи
Англия Премьер-лигасининг янги иштирокчиси «Ипсвич» Леверкузеннинг «Байер» клуби ярим ҳимоячиси Эсекиел Паласиосга қизиқиш билдирмоқда. Фабрицио Романо маълумотига кўра, инглиз клуби 27 ёшли аргентиналик футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат бошлаган.
Манбага кўра, «Ипсвич» Паласиос трансфери бўйича «Байер»га расмий таклиф юборган ва ҳозирда немис клубининг жавобини кутмоқда. Ҳозирча томонлар ўртасида якуний келишувга эришилмаган.
Паласиос 2020-йилдан буён «Байер» сафида тўп тепиб келмоқда. Ўтган мавсумда у барча мусобақалар доирасида 25 та учрашувда майдонга тушиб, битта голли узатма амалга оширган.
Маълумот учун, Transfermarkt портали Эсекиел Паласиоснинг бозор қийматини 25 миллион евро деб баҳоламоқда. Аргентиналик ярим ҳимоячининг «Байер» билан амалдаги шартномаси 2030-йилгача давом этади.