“Интер” ва “Ювентус” “Боруссия” ҳужумчиси Самуэле Инасиога қизиқмоқда
Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳужумчиси Самуэле Инасио фаолиятини Италия А Сериясида давом эттириши мумкин. 18 ёшли футболчига “Интер” ва “Ювентус” жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира хабар берди.
Ҳар икки клуб Инасиога ёзги трансфер ойнидаёқ қизиқиш билдирган ва ҳозир ҳам унинг ҳолатини кузатишда давом этмоқда. “Ювентус” сўнгги кунларда футболчининг вакиллари билан алоқа ўрнатиб, трансфер имкониятлари ҳақида маълумот олган. “Интер” ҳам ёш ҳужумчини келажак учун истиқболли вариант сифатида кўрмоқда.
Инасио жорий мавсумда “Боруссия” сафида барча мусобақаларда учта учрашувда майдонга тушиб, иккита гол уришга муваффақ бўлган. Дортмунд клуби футболчини ўзининг энг истиқболли ёш футболчиларидан бири сифатида баҳолайди.
Маълумот учун, Самуэле Инасио 2024 йилда “Аталанта” академиясидан “Боруссия”га кўчиб ўтган. Унинг Дортмунд клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йил 30 июнгача мўлжалланган, Transfermarkt эса футболчининг қийматини 15 миллион еврога баҳоламоқда.