«Интер» Тюрам билан шартномани узайтиришни режалаштирмоқда
Миланнинг «Интер» клуби ҳужумчиси Маркус Тюрам жамоа билан янги шартнома имзолаши мумкин. Бу ҳақда журналист Николо Скира хабар берди.
Манбага кўра, «нерадзурри» француз футболчиси билан янги меҳнат шартномаси бўйича музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Амалдаги келишув яна икки йил амал қилади. Жорий мавсум давомида оммавий ахборот воситаларида 28 ёшли ҳужумчининг клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида кўплаб миш-мишлар тарқалган эди.
Ушбу мавсумда Тюрам Кристиан Киву бошчилигидаги жамоа сафида 44 та ўйинда иштирок этиб, 18 та гол ва 9 та голли узатма муаллифи бўлди. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этади.
Шунингдек, ҳафтанинг чоршанба куни футболчи «Интер» сафида Италия Кубоги ғолиби бўлди.