«Интер» Мартинеллини ўз сафига қўшиб олмоқчи
«Интер» клуби «Арсенал» вингери Габриэл Мартинеллини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Италиянинг Corriere dello Sport нашри хабар берган.
Маълумотларга кўра, «Интер» ҳужум чизиғини кучайтириш ва қанотга тезкор ҳамда яккама-якка вазиятларда рақибини алдаб ўта оладиган футболчи олиб келишни режалаштирмоқда. Мартинелли миланликлар раҳбариятининг эҳтимолий номзодларидан бири сифатида қаралмоқда.
25 ёшли бразилиялик футболчининг «Арсенал»даги келажаги ҳозирча ноаниқ. Лондон клуби уни сотишга тайёр, бироқ Мартинелли аввалроқ «Галатасарой»нинг таклифини рад этган ва Англияда қолиш истагини билдирган.
Ҳозирча томонлар ўртасида трансфер бўйича расмий келишув йўқ. Бироқ «Арсенал» футболчини сотишга очиқ экани боис, трансфер ойнаси ёпилгунга қадар музокаралар ривожланиши мумкин.