«Интер» Манчинини ўз сафига қўшиб олмоқчи
“Интер” “Рома” ҳимоячиси Жанлука Манчинини ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Sky Sport Italia хабар бермоқда.
Ҳозирги пайтда италиялик футболчининг ўз клуби билан олиб бораётган музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. Агар яқин ҳафталарда вазият ўзгармаса, “Интер” футболчи бўйича расмий таклиф билан чиқишга тайёр бўлади.
Шунингдек, Милан клуби “Удинезе” ҳимоячиси Умар Солени кузатишда давом этмоқда. Клуб раҳбарияти ва бош мураббийи Кристиан Кивунинг фикрича, ҳар икки футболчи ҳам келаси мавсум олдидан ҳимояни кучайтириш учун идеал вариант бўла олади.
Манчинининг “Рома” билан шартномаси 2027 йил июн ойига қадар амал қилади. 2025/2026 йилги мавсумда у А Серияда 36 та учрашувда майдонга тушиб, тўртта гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.