«Интер Майами» ўз стадиони майсазорининг бир қисмини сотишга қарор қилди
Флоридаликлар келаси мавсум янги аренга кўчади.
ФОТО: Getty Images
MLS амалдаги чемпиони «Интер Майами» ижтимоий тармоқларда жамоанинг уй стадиони — «Чейз Стадиум» майсасининг бўлаклари сотувга чиқарилишини эълон қилди.
Сувенирнинг ўлчамига қараб унинг нархи 50 доллардан 725 долларгача бўлади. Айнан ушбу стадионда Флорида клуби аввалроқ Канаданинг «Ванкувер Уайткапс» жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик совринини қўлга киритган эди. Келаси мавсумдан бошлаб «фламинголар» уй учрашувларини янги «Miami Freedom Park» стадионида ўтказади.
«Интер Майами» клуби 2018 йилда ташкил этилган. Жамоа MLSда 2020 йилдан бери иштирок этиб келмоқда. Шу вақт ичида клуб MLS мунтазам чемпионати ғолиблиги (2024) ҳамда Шимолий Америка Лигалар кубогини (2023) қўлга киритишга ҳам муваффақ бўлган.
Насрулло Каримов
Журналист