“Интер” бош мураббийи “Арсенал”ни огоҳлантирди
“Интер” бош мураббийи Симоне Индзаги 16-апрел, чоршанба куни бўлиб ўтадиган “Бавария”га қарши ўйин арафасида матбуот анжуманида иштирок этди. У Германиянинг кучли клуби ҳақида илиқ фикр билдирар экан, Мадриднинг “Реал” жамоасини ҳам эсдан чиқармади.
Мутаҳассис “Реал”ни Чемпионлар Лигаси бош соврини учун курашдан чиқди деб ўйлаш хато деб айтди:
“Мюнхенда биз жуда яхши ўйнадик. У ерда ғалаба қозониш учун ажойиб ўйин кўрсатиш керак. Биз ушбу натижадан мамнунмиз. Аммо бу финал эмас эди. Энди эса дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири — “Реал Мадрид” билан бир қаторда турадиган “Бавария”га қарши яна бир катта ўйин кутмоқда.
“Реал” ҳақида гапирадиган бўлсам, уларни мусобақадан чиқди, деб ўйламаган бўлар эдим. “Арсенал” “Бернабеу”да эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилмаса, мағлубиятга учраши мумкин”, - дейди италиялик мутахассис.
Маълумот учун, бугун, 16-апрел куни “Интер” ўз майдонида “Бавария”ни қабул қилса, “Арсенал” сафарда “Реал”га қарши майдонга тушади. Ҳар икки баҳс ҳам Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади.