Инфантино ФИФА аъзоларига 40 миллион долларлик таклиф билан чиқди
ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилотга аъзо мамлакатларга Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини ташқи инвесторларга сотиш режасини қўллаб-қувватлаш шарти билан ҳар бирига 40 миллион доллардан молиявий ёрдам ажратишни таклиф қилди. Бу ҳақда The Times хабар бермоқда.
Манбага кўра, гап мундиал ҳуқуқларининг маълум улушини сотишдан тушадиган даромадни тақсимлаш ҳақида бормоқда. Таклиф ФИФАга аъзо бўлган барча 211 миллий ассоциацияга юборилган бўлиб, уларга қарор қабул қилиш учун 53 кун муддат берилган.
Инфантино ўз мактубида якуний қарор тўлиқ ассоциацияларнинг ихтиёрида эканини таъкидлаган. Агар таклиф маъқулланса, 2027 йил 1 январдан бошлаб умумий ҳажми 10 миллиард долларлик молиялаштириш пакети ишга туширилади ва бу ФИФА ҳамда миллий ассоциациялар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.
Агар аъзолар мазкур режани рад этса, ФИФА аввал эълон қилинган молиялаштириш дастурини сақлаб қолади ва унинг ҳажмини қўшимча 2,7 миллиард долларга оширади.
Шу билан бирга, ташқи инвесторларни жалб қилишга қарши бўлган айрим манбалар мазкур таклифни овозларни сотиб олишга қаратилган уриниш сифатида баҳоламоқда.