Индонезия футбол ассоциацияси мулозими Темур Кападзе ҳақидаги хабарларни тасдиқлади
Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Темур Кападзе фаолиятини Индонезияда давом эттириши мумкин. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси (PSSI) менежери Сумаржи ўз фикрини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ассоциация 44 ёшли мутахассис билан ҳали расмий музокара бошламаган, бироқ Кападзе номзодлар рўйхатига киритилган:
“Бу борада ҳали ҳеч қандай суҳбат бўлмади. Лекин шуни айтишим керакки, Темур Кападзе бош мураббийлик лавозими учун номзодлардан бири. Федерация ҳозирда янги мураббий учун бир нечта номзодларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида "Персиб Бандунг" клуби бош мураббийи, хорватиялик Боян Ҳодак ҳам бор. Бироқ клуб раҳбарияти Ҳодакни жамоада сақлаб қолмоқчи эканини билдирган. Патрик Клюйверт кетганидан сўнг бўш қолган лавозим учун Кападзе асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда”, деди Сумаржи.