Илёс Зейтуллаев: «Бу мен учун жиддий чақирув ва катта тажриба»
Хабарингиз бор, бир неча муқаддам Илёс Зейтуллаев Пролигада «Каттақўрғон» жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. «Бунёдкор»даги фаолиятидан сўнг энди унда яна бир янги саҳифа очилди. Кеча Зейтуллаев янги клубидаги дебют учрашувида ғалаба қозонди. Tribuna.uz нашри эса Илёс Зейтуллаевдан «Каттақўрғон»да иш бошлагани муносабати билан алоҳида интервю уюштирди.
- Илёс Бекирович, «Бунёдкор»дан кетганингиздан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмади ва «Каттақўрғон»нинг таклифини қабул қилдингиз. Турли вариантлар бўла туриб, про лига жамоасини қабул қилганингиз сабаби нимада?
- Афтидан, клуб раҳбарларининг футболга бўлган муҳаббатида бўлса керак.
- Суперлигада ишлаган мураббийнинг про лигага ўтиб фаолият юритиши ортга ташланган қадамдек кўринар экан. Ўзингиз бу қарорингизни қандай баҳолайсиз? Бу чиндан ҳам ортга ташланган қадамми ёки жиддий мақсад сари ташланган қадамми?
- Мутахассис сифатида мен учун бу жиддий чақирув ва катта тажриба!
- «Каттақўрғон» раҳбарияти билан илк учрашувингизда уларга қўйган биринчи талабингиз қандай бўлди? Ўз навбатида, клуб раҳбарияти сиздан нимани кутмоқда?
- Дастлабки учрашувда биз шунчаки танишдик ва турли мавзуларда суҳбатлашдик. Раҳбарият биздан аниқ тизимли ва талабга жавоб берадиган даражада клуб ташкил этишни, клубдан кутиладиган натижаларни сўради. Шунингдек, жамоанинг ўзига хос ва таниш бўладиган ўйин услубига эга бўлишини исташмоқда.
- Сиз «Бунёдкор»да уч йил давомида жамоа қурдингиз ва кейинчалик унинг тарқалиб кетишини жуда оғир қабул қилганингизни айтган эдингиз. Энди «Каттақўрғон»да жамоани қайтадан шакллантириш имконияти сиз учун қўшимча мотивация бўла оладими?
- «Бунёдкор» мен учун эсдан чиқмайдиган тажриба ва ҳаётимда ўзига хос саҳифа бўлиб қолади. Ўша клубда бирга ишлаган одамлар билан танишганим ва нималарнидир ўрганганим учун Худодан ҳар қанча миннатдор бўлсам арзийди. Мен буни ижобий томондан ҳам, салбий томондан ҳам айтишим мумкин. Бугунги кундаги асосий руҳланишим ҳаётимдаги янги саҳифа очилган «Каттақўрғон»ни ўйинини йўлга қўйишдан иборат.
- «Каттақўрғон»даги асосий вазифангиз фақат натижа қайд этиш эмас, балки ўзига хос ўйин моделини ташкил этиш бўладими?
- Ҳа, шундай дейиш мумкин. Клуб раҳбарияти ёрқин, ҳужумкор ва шунинг баробарида ҳимояда уюшқоқлик билан ҳаракатланадиган жамоани кўришни орзу қиляпти! Бироқ шу билан бирга ҳимояда ҳам тартибли ва уюшган жамоа бўлишимиз керак.
- Футболчи сифатида Италияда жиддий футбол мактабини ўтагансиз. Энди эса Пролигада ишлаяпсиз. Италияда ўзингиз учун тўплаган тажрибалардан қай бирини «Каттақўрғон»га сингдирмоқчисиз?
- Ишга бўлган маданият ва баҳоналарни йўқ қилиш. Бу ҳар бир компонентга ва умуман ташкилотга қўйиладиган талабларни жуда юқори даражага кўтаради.
- «Бунёдкор»да ёш футболчиларга фаол равишда ишонч билдирдингиз ва улардан бир қанчаси Суперлигада ўзларини кўрсатишди. Айтинг-чи, «Каттақўрғон» ҳам ёш ўйинчилар учун ўзига хос тажриба майдони бўла оладими?
- Албатта, биз шунга интилишимиз керак. Айни пайтда академия ва стадион барпо этиш йўлида жадал иш олиб борилмоқда! Айтиш мумкин бўлса, биз мураббийлар штаби, раҳбарият ва футболчилар бамисоли далага уруғ сепиб, ундан яхши ҳосил олиш пайида енг шимариб ишламоғимиз даркор. Отам шундай дерди: «Сабр-тоқат ва меҳнат орқали ҳамма нарсага эришса бўлади».
- Шубҳасиз, сиздан натижа талаб қилинади. Аммо мураббий сифатида сизда натижа қайд этиш учун учта муҳим тамойилингиз борми? Масалан, ўйин услуби, футболчиларнинг ривожланиши, интизом…
- Мен юқорида санаб ўтилган жиҳатларга шахсиятни ҳам қўшган бўлардим.
- «Бунёдкор»даги фаолиятингиз охирида мутлақо ўзингиз жавоб бермайдиган нарсалар учун ҳам масъулиятни зиммангизга олгандингиз. «Каттақўрғон»да мураббий сифатида ўзингизни намоён қилишингиз учун эркинлик бериладими?
- Буни вақт кўрсатади.
- «Каттақўрғон»даги биринчи мавсумингиз якунига етганда, мухлислардан «Зейтуллаев ўзида нима қолдирди?», деган саволга қандай жавоб эшитишни хоҳлардингиз?
- Бир қарашда таниш бўлган ўйин усули ва ёрқин ҳиссиётларни.
- Илёс Бекирович, «Бунёдкор»ни шунчаки тарк этмадингиз. Балки уч йил давомида ўзингиз қурган нарсалар қулай бошлаганда кетдингиз. Энди эса қаршингизда бамисоли тоза қоғоздек «Каттақўрғон» турибди. Сиз учун қай бири муҳим: мураббий сифатида ўзингизни намоён қилишингизми ёки ўзингиз ишонган ғояларингиз ҳаётийлигини исботлашними?
- На у, на бу! Мен ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлашим шарт эмас. Мен шунчаки, ўз ишимни қилишим керак – токи қилаётган ишим орқали Худоим ва яратувчим улуғлансин.
- Мураббийлар штабингиз қандай бўлади? Янги жамоани бошқариш чоғида кимларни ёнингизда бўлишини истайсиз?
- Айтишим керак, аввало, «Бунёдкор»да ўзим бирга ишлаган инсонлар билан «Каттақўрғон»да ҳам бемалол фаолият юритиш имконини ҳавола қилган клуб раҳбарларидан миннатдор эканлигимни алоҳида таъкидлашим керак!