Ўйин пайтида бош мураббийни майдондан ҳуқуқ-тартибот ходимлари олиб чиқиб кетди
Ўзбекистон футболи яна бир ғайриоддий ҳолат билан футбол ишқибозларини ҳайратда қолдирди. Яқинда чемпионат учрашувларидан бири давомида тасвирга олинган видео кенг тарқалди.
Унда ҳакам “Бухоро” жамоаси бош мураббийи Улуғбек Бакаевни қизил карточка билан майдондан четлатгани акс этган. У ҳакамнинг қарорларидан норози бўлгани учун майдондан ҳайдалди.
Бироздан сўнг Бакаевни ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари майдондан олиб чиқиб кетишди. Қизиғи шундаки, мутахассис жамоат тартибини бузмаган ва бу ҳолатда нега полиция аралашгани ноаниқлигича қолди.
Маълумот ўрнида, халқаро амалиётда полиция хизматчилари ўйин вақтида фақат тартибни таъминлаш билан шуғулланади. Агар футболчи ёки мураббий майдонни тарк этиши керак бўлса, бу вазифани одатда стадион стюардлари бажаради.