Йил якунлари. Ўзбек футболидаги 7 воқеа
2025 йил ўзбек футбол учун унтилмас воқеалларга бой бўлди. Янги саҳифалар очилди, тарих ёзилди. Sports24.uz ушбу воқеалларни ёдга олишга қарор қилди.
Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» аъзоси
Ҳа, салкам бир йил олдин Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” футболчисига айланган эди. Аслида бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалган вақтида кўпчилик бунчалик ишонмаган, шунчаки миш-миш сифатида эътибор берганди. “Шаҳарликлар” узоқ давом этган музокараларни ижобий якунлаб, футболчини “Ланс”дан сотиб олганди. Гарчи ҳозирда Ҳусанов асосий таркиб аъзоси бўлмаса-да, Гвардиоланинг бошқарувида футболчи сифатида ўсмоқда. Тўплаётган улкан тажрибаси ёрдам бериб, у “Сити”нинг асосий таркиб футболчисига айланиши мумкин.

34 йил кутилган ЖЧ
Ҳа, азизлар. Ахир, жаҳон чемпионатига чиқишни 34 йил давомида кутиб келдик. Мустақилликдан кейинги даврда футболимиз ривожланди ва ривожланишда давом этмоқда. Турли ёшдаги жамоаларда муваффақиятларга эришишда давом этяпмиз. Аммо миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиши орзу бўлиб қолаётганди. Ниҳоят, бу мақсадга эришди. Сречко Катанец билан бошланган саралаш ўйинлари Темур Кападзе билан якунладик. Словениялик мутахассис соғлиғидаги муаммолар туфайли вазифасидан озод этилди. Кападзе билан мақсадга эришдик. Футболчиларимиз ўчирилмайдиган зарварақларга ўз исмларини ёзиб қўйишди. Энди келаси йилда бўладиган жаҳон чемпионатини кутяпмиз. Гуруҳда Португалия ва Колумбия каби жамоаларга қарши ўйнаймиз. Сўнгги рақибимиз март ойидаги қитъалараро плей-офф орқали аниқланади.

17 ёшлилар Осиё чемпиони
Бу ёшда иккинчи маротаба Осиёда тенгсиз топилди. Дастлаб 2012 йилда Дилшод Нуралиев қўл остида Эрон майдонларида қитъа чемпионатида муваффақият қозонгандик. Ислом Исмоилов билан ҳам Осиё чемпиони деган номга эришдик. Финалда мезбон Саудия Арабистонига қарши ўйнаб, гарчи сон жиҳатидан камчилик бўлиб қолган бўлсакда, ғалабани илиб кетдик. Икки нафар ўйинчимиз четлатилди, лекин йигитлар мардонавор курашиб, 2 та гол урган ҳолда оламшумул воқеанинг гувоҳига айландик.
Кейинчалик ушбу ёшларимиз жаҳон чемпионатида қатнашиб, гуруҳдан чиқиб, плей-оффда Хорватияни, чорак финалда эса Италияга қарши баҳсда мағлуб бўлди.

Фабио Каннаваронинг келиши
Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси уддаланганидан сўнг терма жамоа бош мураббийлиги учун бир қатор хорижлик мутахассислар номзодлари ўрганилди. Мақсад мундиалга катта номдаги мураббий билан бориш эди. Йоаҳим Лёв, Паулу Бенту каби мураббийлар билан музокаралар ўтказилди. Якунда эса Фабио Каннаваро билан келишувга эришилди. Футболчи сифатида у ЖЧ ғолиби бўлган, “Олтин тўп”ни қўлга киритган. Унинг тайинланиши ҳам оламшумул воқеаллардан бирига айланди. Энди Фабио бўлажак мундиалга терма жамоамизни олиб боради.

Терма жамоа билан совринлар
2025 йил миллий терма жамоаси учун чинакам омадли келди. Дастлаб сентябрь ойида Тошкентда ташкил этилган КАФА кубогида ғолиб чиқди. Финалда Эронни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Кейинчалик ноябрь ойида БААда Эрон, Миср ва Кабо-Верде миллий жамоалари иштирокидаги халқаро ўртоқлик турнирида ҳам ғолиб бўлди. Ярим финалда Салоҳ, Мармуш каби футболчиларга эга бўлган Мисрдан устун келди, - 2:0. Финалда эса яна Эрон доғда қолдирилди.

“Нефтчи”нинг 24 йил кутилган чемпионлиги
Суперлигада ўтган мавсум эсда қоларли воқеалларга бой тарзда якунланди. “Насаф” чемпионатнинг катта қисмини етакчи сифатида чемпионлик сари ҳаракат қилди. Аммо “Нефтчи” 24 йиллик танаффусдан сўнг яна ғолиб бўлишга муваффақ бўлди. “Чинорлар” сўнгги бор Юрий Саркиясн даврида бундай номга эга бўлишганди. Виталий Левченко бошқарувида тарих такрорланди. Фарғоналиклар мавсум якунига 2 тур қолганда “Пахтакор”, “Насаф” ва “Динамо”ни ортда қолдириб, ўз мақсадига эришди.

Шомуродовнинг Туркиядаги сермаҳсуллиги
Элдор Туркия чемпионатида ажойиб мавсумлардан бирини ўтказмоқда. “Истанбул Башакшехир” дебют голини уришга қийналган 30 ёшли футболчи ҳозирда 12 та гол соҳибига айланган. Гол+пас бўйича ҳам чемпионатнинг энг яхши футболчиси ҳисобланади. Натижада у жамоанинг асосий юлдузига айланди. Шу тарзда давом этса, Туркия Суперлигаси тўпурарига айланиш эҳтимоли ҳам бор.
