Игор Суров билан тузилган меҳнат шартномасини ўзаро келишувга кўра бекор қилди
"Машъал" профессионал футбол клуби маъмурияти жамоа бош мураббийи Игор Суров билан ўртадаги меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини расман эълон қилади.
Афсуски, сўнгги вақтларда Игор Суровнинг соғлиғида юзага келган жиддий муаммолар унинг ўз хизмат вазифасини тўлиқ давом эттиришига монелик қилди. Юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда, клуб раҳбарияти ва мураббий ўзаро келишувга асосан амалдаги шартномани тўхтатишга қарор қилдилар.
Игор Суров жамоа жиловини қўлга олган илк кунлариданоқ ўзининг юқори профессионаллиги, бой тажрибаси ва футболга бўлган чексиз фидойилиги билан ажралиб турди. Унинг қўл остида "Машъал" жамоаси майдонда мазмунли ўйин намойиш этишга ва мухлисларимизни хурсанд қилишга интилди. Мураббийнинг клуб инфратузилмасини ривожлантириш ва футболчиларнинг маҳоратини ошириш борасидаги меҳнатларини юксак қадрлаймиз.
"Машъал" профессионал футбол клуби раҳбарияти, жамоа аъзолари ва кўп сонли ишқибозлари номидан Игор Суровга Муборак футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Биз Игор Суровга аввало мустаҳкам соғлиқ, тезроқ оиласи ва футбол оламига соғ-саломат қайтишини тилаб қоламиз. Сизнинг кейинги фаолиятингизда доимо омад ва зафарлар ёр бўлишига тилакдошмиз.
Ҳурмат билан,
"Машъал" профессионал футбол клуби",- деб ёзилади клуб расмий саҳифасида.