ЙЧЛ. Яримфинал йўлланмасини қўлга киритган дастлабки икки жамоа номи маълум бўлди
Сешанба, 14 апрел куни УЕФА Чемпионлар Лигасининг яримфиналида иштирок этадиган дастлабки икки жамоа номи маълум бўлди. Булар — Франциянинг «ПСЖ» ва Испаниянинг «Атлетико Мадрид» клубларидир.
Парижликлар чорак финал жавоб учрашувида «Ливерпуль» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бир ҳафта аввал бўлиб ўтган дастлабки ўйинда ҳам Европанинг амалдаги чемпионлари худди шундай ҳисобда (2:0) зафар қучишган эди.
«Матрасчилар» эса жавоб баҳсида «Барселона»га имкониятни бой беришганига қарамасдан (1:2), дастлабки учрашувдаги ишончли ғалаба (2:0) эвазига кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишди.
Яримфиналда «Атлетико» жамоаси «Арсенал» — «Спортинг» жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади (ушбу жамоалар ўртасидаги биринчи ўйинда «канонирлар» 1:0 ҳисобида устун келган). «ПСЖ» эса финал йўлланмаси учун «Реал Мадрид» ёки «Бавария»га қарши баҳс олиб боради (бу жуфтликнинг илк учрашувида мюнхенликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган).