ЙЧЛ. Дастлабки ўйинда 3:0 ҳисобида ютқазган «Спортинг» жавоб баҳсида «Будё-Глимт»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этди
УЕФА Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал босқичидан ўрин олган Португалиянинг «Спортинг» ҳамда Норвегиянинг «Будё-Глимт» жамоалари ўртасидаги жавоб учрашуви ўз ниҳоясига етди. Лиссабондаги «Жозе Алваладе» стадионида кечган баҳсда мезбонлар 5:0 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритишди.
Учрашувнинг 34-дақиқасида Гонсалу Инасиу ҳисобни очган бўлса, 61-дақиқада Педру Гонсалвеш орадаги фарқни иккитага оширди. 79-дақиқага келиб Луис Суарес пенальтини аниқ амалга оширди ва ҳисоб 3:0 кўринишига келди.
Биринчи ўйинда «Будё-Глимт» жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгани сабабли, икки ўйин натижасига кўра мувозанат тикланди ва баҳс қўшимча бўлимларга кўчди. Экстра-таймларнинг 92-дақиқасида Максимилиано Араухо тўртинчи голни урган бўлса, учрашувнинг сўнгги дақиқасида (120+1) Рафаэл Нел якунлий нуқтани қўйди.
Эслатиб ўтамиз, «Будё-Глимт» плей-офф босқичида «Интер»ни икки ўйин натижасига кўра 5:2 ҳисобида мағлуб этган эди. «Спортинг» эса мусобақанинг умумий босқичида 16 очко жамғариб, еттинчи ўринни эгаллаган.
Жорий мавсумдаги Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи финал учрашуви 2026 йил 30 май куни Будапештдаги «Пушкаш Арена» стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.