Хулиан Кинонес ЖЧ-2026нинг илк голига муаллифлик қилди
Мексика терма жамоаси ҳужумчиси Хулиан Кинонес ЖАРга қарши кечаётган ЖЧ-2026нинг очилиш учрашувида тўққизинчи дақиқада рақиб дарвозасини ишғол этди ва мусобақадаги илк гол муаллифига айланди. Учрашув Мехикодаги «Ацтека» стадионида бўлиб ўтмоқда. Айни пайтда ўйиндаги ҳисоб — 1:0, Мексика олдинда. Баҳсни бош ҳакам сифатида бразилиялик Вилтон Сампайо бошқариб бормоқда.
Мексика ва ЖАР терма жамоалари ўртасидаги баҳс «A» гуруҳидан ўрин олган. 2-турда мексикаликлар 19 июн куни Жанубий Корея билан тўқнаш келса, 3-турда (25 июн) Чехияга қарши майдонга тушади. ЖАР эса 2-турда Чехия билан (18 июн), 3-турда эса Жанубий Корея билан (25 июн) куч синашади.
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, амалдаги дунё чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. 2022 йилги сайёра биринчилиги финалида аргентиналиклар Франция билан тўқнаш келишган ва асосий вақт 3:3 ҳисобида якунланиб, пенальтилар сериясида Аргентина вакилларининг қўли баланд келган эди (4:2).