Хулиан Алварес фаолиятини «ПСЖ»да давом эттириши мумкин
«Пари Сен-Жермен» «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Алваресни харид қилиш вариантларини ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда Sky Sport Switzerland журналисти Саша хабар бермоқда.
Манбага кўра, парижликлар бош мураббийи Луис Энрике 25 ёшли аргентиналик форвардни жамоа ҳужум чизиғини кучайтириши мумкин бўлган футболчи сифатида кўрмоқда. Клуб бир неча ҳафтанинг ўзида Алвареснинг трансфер истиқболларини таҳлил қилмоқда. Таъкидланишича, футболчининг ўзи ҳам Энрике қўл остида ишлашга қизиқиш билдирган.
Хулиан Алваресга «Барселона» ҳамда Англия Премьер-лигасининг бир нечта жамоалари томонидан қизиқиш мавжуд. Бироқ таъкидланишича, футболчи Англияга қайтиш вариантларини кўриб чиқмаяпти. У клублар ўзаро келишувга эришса, «ПСЖ»га ўтишга тайёр.
«Атлетико» ўз ҳужумчиси трансфери бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Мадрид клуби форвард учун 120 миллион евро миқдорида товон пули белгилаган. Жорий мавсумда Алварес Ла Лига доирасида 12 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол ва 2 та ассист қайд этди.