Холл «Манчестер Юнайтед»га ўтишни қатъий истамоқда
«Ньюкасл»нинг чап қанот ҳимоячиси Льюис Холл клубни тарк этиш ниятида эканини раҳбариятга билдирган.
21 ёшли футболчи фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да давом эттиришни истамоқда. Бу ҳақда The Sun хабар берди.
Манбага кўра, Холл «Ньюкасл»да Эдди Хау қўл остида етарлича имкониятга эга бўлмагани сабабли 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Англия терма жамоаси таркибига кирмай қолган, деб ҳисоблайди. Клубда янги бош мураббий Маттиас Яйссле иш бошлаганига қарамай, футболчининг жамоадан кетиш истаги ўзгармаган.
Айни пайтда «Манчестер Юнайтед» Холлни чап қанот ҳимояси учун асосий номзодлардан бири сифатида кўрмоқда. Бироқ «Ньюкасл» футболчини сотишга қарши ва аввалроқ манкунианликларнинг сўровини рад этган.
Холлнинг «Ньюкасл» билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 40 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. Ўтган мавсумда англиялик ҳимоячи барча турнирларда 47 та учрашув ўтказиб, 1 та гол ва 2 та голли узатма қайд этган.