Холанд яна рекорд ўрнатди: 60 та гол учун унга атиги 53 та ўйин кифоя қилди
Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Эрлинг Холанд яна бир тарихий натижани қайд этди. Кот-д'Ивуар дарвозасига киритган голидан сўнг у миллий терма жамоа сафидаги голлари сонини 60 тага етказди.
Эътиборлиси, Холанд ушбу маррага эришиш учун бор-йўғи 53 та учрашув ўтказди. Бу эса уни халқаро футбол тарихида 60 та голга энг тез етиб борган футболчига айлантирди.
25 ёшли ҳужумчи айни пайтда Норвегия тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. Унинг терма жамоадаги ўртача натижаси ҳар бир ўйинга 1,13 голни ташкил этмоқда, бу замонавий футбол учун ноёб кўрсаткичдир.
Холанднинг Кот-д'Ивуар дарвозасига урган голи Норвегияга 2:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди ва жамоани Жаҳон чемпионатининг кейинги босқичига олиб чиқди. Энди скандинавияликлар 1/8 финалда Бразилияга қарши майдонга тушади.