Харри Кейн «Реал»га қарши ўйин олдидан «Бавария» машғулотларига қайтди
Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Харри Кейн халқаро танаффус вақтида олган жароҳатидан сўнг сафга қайтди ва жамоа машғулотларига қўшилди. Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Манбанинг хабар беришича, Кейн УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида Мадриднинг «Реал» клубига қарши кечадиган муҳим баҳсга тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур учрашув эртага, 7 апрел куни «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтиши белгиланган.
Шунингдек, сўнгги вақтларда инглиз ҳужумчисининг жамоани тарк этиши борасидаги хабарлар кўпайган бир пайтда, «Бавария» раҳбарияти ўз позициясини аниқлаштириб олди. Клуб спорт директори Макс Эберл мюнхенликлар Харри Кейнни таркибда олиб қолишга қатъий қарор қилганликларини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Харри Кейн жароҳати сабабли жамоасининг сўнгги ўйинини ўтказиб юборишга мажбур бўлган эди. Унинг сафга қайтиши мюнхенликларнинг ҳужум чизиғини сезиларли даражада кучайтириши кутилмоқда.