Харис Табакович «РБ Зальцбург»га ўтишга розилик берди
Унинг «Хоффенхайм» билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнгача тузилган.
ФОТО: Getty images
«Хоффенхайм» ҳужумчиси Харис Табакович Австриянинг «РБ Зальцбург» клубига ўтишга якуний розилик берди. Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг хабар қилди.
Манбага кўра, клублар трансфернинг барча шартлари бўйича келишувга эришган. Битим қиймати тахминан 5 миллион еврони ташкил этади.
32 ёшли босниялик форвард яқин кунларда тиббий кўрикдан ўтиб, 2029 йилгача амал қиладиган шартнома имзолайди.
2025/26 йилги мавсумда Табакович барча мусобақаларда 35 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Унинг «Хоффенхайм» билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнгача тузилган. Transfermarkt футболчининг бозор қийматини 3,5 миллион евро деб баҳоламоқда.
Розикжон Султонмуродов
Журналист