Ханс-Дитер Флик «Барселона»нинг инқирозли ҳолати ҳақида: «Бизга жамоавий бирдамлик етишмади»
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жамоасининг сўнгги икки учрашувдаги муваффақиятсизлигидан сўнг, юзага келган муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдирди. AS нашри хабар беришича, герман мутахассиси мағлубиятларнинг асосий сабабларини тактик хатолар ва интенсивликнинг пасайиши билан изоҳлаган.
Фликнинг таъкидлашича, ҳозирда жамоа кўплаб майда деталлар устида ишлаши талаб этиладиган мураккаб вазиятга тушиб қолган. Мураббийнинг фикрича, «Барселона» рақиблар «паст блок» (зич ҳимоя)да ҳаракат қилганда бўш ҳудудлардан самарали фойдалана олмаяпти. Аксинча, тўп йўқотилган ёки позицион хатога йўл қўйилган паллаларда жамоа дарҳол жазоланмоқда.
Каталонияликлар устози жамоавий фалсафага қайтиш зарурлигини шундай таърифлади:
«Биз майдонда яхлит бир жамоа сифатида ҳаракат қилишимиз ва доимо жипслашган бўлишимиз шарт. Охирги ўйинларда айнан мана шу бирдамлик бизга етишмади. Тўп билан бўлганимизда ҳам, тўпсиз ҳаракатларда ҳам фаоллик етарли даражада эмас эди. Биз кўпроқ интенсивлик кўрсатишимиз ва ўз футбол фалсафамизга қайтишимиз зарур».
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» учун февраль ойи ўртаси ниҳоятда оғир кечди. Жамоа 12 февраль куни Испания кубоги яримфиналида Мадриднинг «Атлетико» клубига йирик 0:4 ҳисобига имкониятни бой берган бўлса, 16 февральда Ла Лига доирасида «Жирона» билан баҳсда 1:2 ҳисобига мағлубиятга учради.