Хамес Родригес ўзига янги жамоа қидирмоқда
Колумбиялик ярим ҳимоячи Хамес Родригес ҳали ҳам янги жамоа изламоқда. Расмий равишда Мексиканинг «Леон» клубига тегишли бўлса-да, футболчи исталган вақтда эркин агент сифатида жамоасини ўзгартириши мумкин. Унинг ҳозирги мақоми трансфер ойнасидан ташқари музокаралар олиб боришга имконият беради. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
Манбага кўра, собиқ «Реал Мадрид» футболчиси «Орландо Сити» билан музокаралар олиб бормаяпти. Шу тариқа, АҚШ клуби билан трансфер борасидаги аввалги миш-мишлар рад этилди.
34 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячининг келажаги ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Колумбия миллий жамоасининг юлдузи яқин вақт ичида янги жамоа топишига умид қилмоқда. Хамес жорий йил бошида «Леон» таркибига қўшилган эди.
Мексикага йўл олгунига қадар Родригес Испаниянинг «Райо Вальекано» клубига тегишли бўлган. Бироқ у Мадрид жамоаси сафида деярли майдонга тушмаган.