Хадзимэ Мориясу: «Япония терма жамоасининг ҳақиқий кучи — унинг қатъиятидадир»
Япония миллий терма жамоаси бош мураббийи Хадзимэ Мориясу 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг «F» гуруҳи 1-тури доирасида Нидерландияга қарши бўлиб ўтадиган ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ушбу учрашув бугун, 14-июнь куни бўлиб ўтади.
«Қатардаги Жаҳон чемпионати давомида ҳам, ушбу чемпионатда ҳам ўйинимизнинг асоси доимо жамоавий тактика бўлиб келган. Мазкур турнир олдидан биз ўйин моделимизни янада такомиллаштириш устида иш олиб бордик. Мураббийларимиз ҳам ҳужум, ҳам ҳимоя моделларини ривожлантиришга эътибор қаратишди. Ушбу моделлар доирасида футболчилар майдондаги вазиятга қараб қандай ўйнашни ўзлари танлашади, ўйин давомидаги индивидуал тўқнашувларда эса бир-бирлари билан алоқада бўлиб, яхлит бир жамоа бўлиб қолишади. Айни мана шу жиҳатдан биз Жаҳон чемпионати олдидан жамоа сифатида ўсдик деб ҳисоблайман.
Қатъиятни турлича тушуниш мумкин, аммо биз, японлар, ўз олдимизга мақсад қўйдикми, астойдил ҳаракат қиламиз ва олдинга интилиш кучини намоён эта оламиз. Футбол тилида айтганда, биринчи ҳуштакдан тортиб то охиргигача тинимсиз меҳнат қилишда давом этамиз.
Ҳозирда биз келажак учун — Жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш учун курашмоқдамиз ва эстафетани ўз тарихимиз орқали кейинги авлодларга узатмоқдамиз. Ўйлашимча, японларнинг ҳақиқий кучи айнан мана шунда намоён бўлади», — дея Мориясунинг сўзларини FIFA расмий сайти келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг 2-турида Нидерландия терма жамоаси Швеция билан (20-июн), 3-турда эса Тунис билан (26-июн) тўқнаш келади. Япония эса 2-турда Тунисга қарши (21-июн) майдонга тушса, 3-турда Швеция билан (26-июн) куч синашади.