Хаби Алонсо «Марсель»ни бошқариш таклифини рад этди
«Байер» ва «Реал Мадрид» собиқ бош мураббийи Хаби Алонсо «Марсель»ни бошқариш таклифига рад жавобини берди. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар тарқатди.
Манбанинг маълум қилишича, Роберто Де Зерби истеъфосидан сўнг «Марсель» раҳбарияти Алонсо билан боғланган, бироқ мутахассис ушбу чорловни қабул қилмаган. Испаниялик мураббийнинг бундай қарорга келишига клубдаги беқарор муҳит ва ички вазият сабаб бўлгани айтилмоқда.
Маълумот ўрнида, Хаби Алонсо 12 январ куни Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийлигидан кетган эди — у ушбу лавозимда бор-йўғи ярим йил ишлади. 44 ёшли мутахассис бунга қадар «Реал Сосьедад Б» ва «Байер» клубларини бошқарган. Леверкузенликлар билан у Германия чемпионлиги, мамлакат кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган.
Ҳозирда «Марсель» Франция Лига 1 турнир жадвалида 22 турдан сўнг 40 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Аввалроқ, жамоани «Ренн» собиқ устози Хабиб Бей бошқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан эди.