Гвардиола мураббийлик фаолиятини якунлаганидан сўнг нима билан машғул бўлишини айтди
«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола ўзининг мураббийлик фаолиятини якунлагандан сўнг ҳаётини қандай давом эттиришни режалаштираётгани ҳақида сўзлаб берди.
«Овқат тайёрлашни ўрганмоқчиман, лекин ресторан очиш ниятим йўқ. Шунингдек, француз тилини ўрганмоқчиман, ҳа, айнан шуни. Болаларим билан кўпроқ вақт ўтказишим керак — ҳозир бунинг имкони йўқ. Оилам, опа-сингилларим ва ака-укаларим билан ҳам тез-тез учрашолмайман, уларга ҳам эътибор қаратишни истайман. Саёҳат қилишни хоҳлайман. Жуда кўп нарсалар бор, илгари бажара олмаганларимни албатта қиламан!
Дунё бўйлаб минглаб, миллионлаб жойлар бор — уларни кўришни истайман: кўргазмалар, концертлар ёки шунчаки уйда ҳеч нарса қилмай ўтириш — бу ҳам ажойиб. Балки шундан бошлармиз, ёмон эмас, тўғрими? Жуда кўп ишлар қилиш керак», — деди Гвардиола.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» АПЛнинг 11-турида «Ливерпул» билан баҳс олиб боради. Ушбу учрашув Гвардиола учун мураббийлик фаолиятидаги 1000-ўйин бўлади.