Гвардиола Хусанов ҳақида: Сариқ карточка ва тактика — алмаштириш сабаби. Таркибдаги жой ҳеч кимга кафолатланмаган
Феврал ойида «Манчестер Сити»нинг энг яхши футболчиларидан бири деб топилган Абдуқаҳҳор Хусанов 30 март куни Кубок баҳсида «Борнмут»га қарши ўйинда таймда алмаштирилганидан бери майдонга тушгани йўқ.
Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола клубнинг расмий сайти — mancity.com’га берган изоҳида ўша алмаштириш қарорини тушунтирди:
«— Хусанов сариқ карточка олгани учун хавфга бормоқчи эмасдик. Ўша пайтда чап қанотни мустаҳкамлашимиз керак эди. Нико режадан кўпроқ ўйнади, Йошко эса марказга ўтди. Бизда танлов кам эди — фақат ёш футболчилар Витор ва Хусанов қолганди», — деди мураббий.
Гвардиола шунингдек, жамоа таркиби учун рақобат доимийлигини таъкидлади:
«— Бу ҳолат ҳеч ким таркибдаги жойига ишонмаслиги кераклигини кўрсатади. Ҳатто эртагаги ўйин ҳам кафолат бермайди».
20 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи Хусанов жорий йил январ ойида Франциянинг «Ланс» жамоасидан «Манчестер Сити»га ўтган эди. Унинг трансфери тахминан 40 миллион еврони ташкил қилган. Англия Премер-лигасида у жамоа сафида 6 та ўйинда майдонга тушган.