Гвардиола АПЛ рекордини ўрнатган Жеймс Милнерни табриклади
«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия Премьер-лигасининг 27-тури доирасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «Брайтон» яримҳимоячиси Жеймс Милнерни турнир рекорди билан қутлади.
«Гап бошлашдан аввал, «Манчестер Сити» номидан Жеймс Милнерга бир неча сўз айтишга ижозат беринг. Бугун у ақл бовар қилмас натижага эришди — у Премьер-лига тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди. Бу шунчаки дахшатли кўрсаткич, унинг олдида шляпамни ечаман! Бу барқарорлик ва ўйинга бўлган чексиз муҳаббат намунасидир. Унинг ажойиб гольфчи эканидан хабарим бор, аммо футболда амалга оширган ишлари ҳайратланарли. Шунинг учун, Жеймс, вақтида жамоамизда тўп тепганингни инобатга олиб, бутун «Манчестер Сити» номидан сени табриклайман!» — деди Гвардиола.
40 ёшли Милнер «Брентфорд»га қарши баҳсда асосий таркибда майдонга тушди. Ушбу учрашув Жеймс учун Англия чемпионатидаги 654-ўйин бўлди. Шу тариқа, у афсонавий Гарет Баррини (653 ўйин) ортда қолдириб, мутлақ рекордчига айланди.
АПЛда энг кўп ўйин ўтказган футболчилар кучли бешлиги:
- Жеймс Милнер — 654
- Гарет Барри — 653
- Райан Гиггз — 632
- Френк Лэмпард — 609
- Девид Жеймс — 572
Маълумот учун, Милнер фаолияти давомида энг кўп ўйинни «Ливерпуль» сафида (230) ўтказган. Шунингдек, у «Лидс», «Ньюкасл», «Астон Вилла» ва «Манчестер Сити» каби клублар шарафини ҳимоя қилган.