Гласнер «Кристал Пэлас» билан янги шартнома имзолашни режалаштирмаяпти
Лондоннинг «Кристал Пэлас» клуби бош мураббийи Оливер Гласнер жамоа билан янги шартнома имзолаш ниятида эмас. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
Австриялик мутахассис келажакдаги режаларини белгилаб олган ва ҳозирча бутун эътиборини жорий мавсумни якунлашга қаратмоқчи. Гласнернинг «Кристал Пэлас» билан амалдаги шартномаси келаси йил ёзида ўз ниҳоясига етади.
Аввалроқ ОАВда «Ливерпуль» раҳбарияти Арне Слот истеъфога чиқарилган тақдирда унинг ўрнига Оливер Гласнер номзодини кўриб чиқаяптгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Хабарларга кўра, «қизиллар» австриялик мутахассисни яқин келажак учун реал вариант сифатида баҳоламоқда. Клуб раҳбарияти Гласнер жамоани барқарорлаштира олишига ва шу билан бирга рақобатбардошлигини сақлаб қолишига ишонмоқда.
Англия Премьер-лигасининг 17-туридан сўнг «Кристал Пэлас» турнир жадвалида 26 очко билан саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.