Германия Тер Штеген ўрнига янги дарвозабон топди
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн, агар «Барселона» посбони Марк-Андре тер Штеген ЖЧ-2026 ўйинларида иштирок эта олмаса, унинг ўрнини босувчи дарвозабонлар танловини амалга оширди. Бу ҳақда инсайдер Флориан Плеттенберг ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, агар Тер Штеген қайдномага киритилмаса, «Хоффенҳайм» вакили Оливер Бауманн миллий жамоанинг асосий дарвозабонига айланади.
«Бавария»га тегишли бўлган ва ҳозирда ижара асосида «Штутгарт»да ўйнаётган Александр Нюбел эса захира посбони вазифасини бажаради. Учинчи дарвозабоннинг исми-шарифи эса бироз кечроқ маълум қилиниши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 баҳсларида Германия терма жамоаси «E» гуруҳида Кюрасао, Кот-д'Ивуар ва Эквадор терма жамоаларига қарши майдонга тушади.