locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Германия фаворит, дебютант Кюрасао. Е гуруҳи билан танишамиз

Бу ерда мезбон Германия, Кюрасао, Кот’дИвуар ва Эквадор жой олган.
Германия фаворит, дебютант Кюрасао. Е гуруҳи билан танишамиз
ФОТО: Getty images

Жаҳон чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этамиз. Бугун Е гуруҳига етиб келдик. Бу ерда мезбон Германия, Кюрасао, Кот’дИвуар ва Эквадор жой олган.

Германия

Мураббий

Немисларни 38 ёшли Юлиан Нагельсманн бошқармоқда. Собиқ «Бавария» устози 2023 йилда Ханси Флик давридаги омадсиз натижалардан кейин миллий жамоани қабул қилиб олган эди. Евро-2024 мусобақасида немислар чорак финалгача етиб борди ва келажак чемпион — Испанияга қўшимча вақтда мағлуб бўлди. Мамлакат футбол иттифоқи яқинда мураббий билан шартномани 2028 йилгача узайтирилди.

Нагельсманн — тизимли мураббий. Унинг қўл остида Германия топ-клубга ўхшаб ҳаракат қилади: қисқа паслар, юқори прессинг ва позицион алмашинувлар. Бироқ терма жамоалар даражасида кўпинча реализация, индивидуал маҳорат ва омад ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Юлдузлар

Германия терма жамоасида авлодлар алмашинуви юз берди. Тони Кроос, Илкай Гюндоган ва Томас Мюллер каби юлдузлар кетди.
Эски авлоддан ягона вакил — «Бавария» дарвозабони Мануэль Нойер бўлиб, у кутилмаган тарзда термага қайтди. У Евро-2024дан кейин жамоадан кетишини эълон қилган, асосий дарвозабон сифатида Марк-Андре тер Штеген кўрилаётган эди. Бироқ жароҳатлар сабаб у турнирга тайёр бўла олмади. Ёшлар орасида эса Флориан Вирц, Жамаол Мусиала ва Кай Хаверц асосий куч сифатида кўзга ташланади.

Мақсад

Германия гуруҳдан чиқолмаса, бу катта муваффақиятсизлик бўлади. Минимум вазифа — плей-офф. Энг реал натижа — чорак финал.

Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 5,1%

Кот-д’Ивуар

Мураббий

Эмерс Фаэ тарихи ҳақиқий сенсацияга ўхшайди. У жамоани Африка миллатлар кубоги-2023 пайтида қабул қилиб олди ва қийинчилик билан плей-оффга чиққан жамоани чемпионликка олиб чиқди. У тезлик, жисмоний куч ва қарши ҳужумларга таянади. Бу услуб ивуарийларни иккинчи рақамда ўйнаганда жуда хавфли қилади.

Юлдузлар

Жамоа таркиби жуда чуқур ва сифатли. Марказда собиқ «Барселона» ўйинчиси Франк Кессье бор. Ҳимояда Европада талаб юқори бўлган ёш ҳимоячи Усмон Диоманде ажралиб туради. Ҳужумда эса Ян Диоманде порламоқда.Шунингдек, Амад Диалло, Симон Адингра ва бошқа кўплаб ҳужумчилар мавжуд.

Мақсад

Плей-оффга чиқиш — асосий вазифа. Германия гуруҳ фаворити бўлса, Эквадор билан тенг кураш олиб бориш мумкин.

Чемпионлик эҳтимоли: 0,2%

Кюрасао

Мураббий

Жамоани 78 ёшли Дик Адвокат бошқармоқда. У тарихдаги энг кам аҳолига эга мамлакатни ЖЧга олиб чиққан мураббийга айланди. Яқинда улар нидерландиялик мутахассисни ортга қайтарди.

Юлдузлар

Жамоада катта юлдузлар йўқ, аммо Леандро Бакуна ва Тахит Чонг энг кўзга ташланадиган ўйинчилар ҳисобланади.

Мақсад

Кюрасао учун асосийси — тажриба ва завқ олиш. Жамоа бирорта очко тўплай олмаса ҳам бу мамлакат учун фожеага айланмайди.

Чемпионлик эҳтимоли: 0%

Эквадор

Мураббий

2024 йилдан жамоани Себастьян Беккасесе бошқармоқда. У ҳимояга таянган тизимни шакллантирди. Эквадор саралашда атиги 5 та гол ўтказиб юборган.

Юлдузлар

Асосий юлдуз — Мойсес Кайседо. Шунингдек, Вильян Пачо, Пьеро Инкапье ва Первис Эступиньян каби кучли ҳимоячилар бор. Ҳужумда эса тажрибали Эннер Валенсия ҳали ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

Мақсад

Гуруҳдан чиқиш — мажбурий вазифа. Плей-оффда эса Эквадор ҳар қандай рақиб учун ноқулай жамоа бўлиши мумкин.

Чемпионлик эҳтимоли: 1,4%

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг