«Галатасарой» ва Саудия Арабистони клублари Балогунга қизиқмоқда
Футболчининг «Монако» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган.
ФОТО: Getty images
«Галатасарой» ҳамда Саудия Арабистонининг бир нечта клуби «Монако» ҳужумчиси Фоларин Балогунга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, ҳозирча томонлар ўртасида ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаган.
Ўтган мавсумда Балогун барча турнирларда 43 та учрашувда майдонга тушиб, 19 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг «Монако» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt маълумотларига кўра, 24 ёшли америкалик ҳужумчининг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этади.
Аввалроқ Балогунга Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби ҳам қизиқиш билдираётгани хабар қилинганди. «Шпорлар» футболчи трансфери учун «Монако»га 60 миллион евро таклиф қилган.
Розикжон Султонмуродов
Журналист