Футзал. Ўзбекистонлик ўсмирлар Осиё ўйинларидаги илк очкосини қўлга киритди
Бугун Баҳрайн қироллигига қарашли Иса Таун шаҳрида жойлашган “Халифа спорт шаҳарчаси” мажмуасида Осиё ёшлар ўйинлари доирасида футзал бўйича 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
“A” гуруҳидан жой олган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Хитой ёшларига қарши баҳс олиб борди. Ёшларимизнинг ҳудудий устунлиги остида кечган учрашув 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Шу тариқа ёш футзалчиларимиз биринчи халқаро мусобақасидаги илк очкосини қўлга киритишди.
Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Футзал Федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Европа мамлакатларига хизмат сафари билан ташриф буюрган. Бугун эрталаб Амстердам шаҳрида бўлиб турган ЎФФ раҳбари ўсмирлар терма жамоаси мураббийлар штаби ҳамда футзалчилар билан онлайн мулоқот ўтказди.
Суҳбат давомида Бекзод Маматқулов жамоага дастлабки учрашувдаги ҳаяжон ва босимни унутиб, қолган ўйинларда юқори руҳ ва шижоат билан майдонга чиқишни тавсия этди. Шунингдек, футболсевар халқимиз терма жамоа ўйинини катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини таъкидлаб, ҳар бир баҳсда масъулият билан ҳаракат қилиш лозимлигини уқтирди.
ЎФФ президенти ўзининг терма жамоа учрашувларини YouTube орқали жонли равишда кузатиб, ғойибона қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Жумладан, бугун бўлиб ўтган Хитой – Ўзбекистон баҳсини ҳам Бекзод Маматқулов Амстердам шаҳрида жонли равишда томоша қилди.
