Футзал. Ўзбекистон вакили аёллар ўртасидаги футзал бўйича Жаҳон чемпионатида фаолият олиб бормоқда
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқаро мусобақаларни ўтказиш бўлими мутахассиси Аделя Курмаева FIFA Филиппинда ўтаётган аёллар футзали бўйича тарихдаги илк FIFA Жаҳон чемпионатида фаолият юритиш учун таклиф этилди.
У мусобақада FIFA Competitions Coordinator — Мусобақалар координатори сифатида муҳим ва масъулиятли вазифаларни бажариб келмоқда. Унинг зиммасига ташкилий жараёнларни назорат қилиш, жамоалар ва расмийлар билан ҳамкорлик қилиш, FIFA регламентлари ва стандартларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, жаҳон миқёсидаги ўйинларнинг юқори савияда ўтказилишини кафолатлаш киради.
Бундай нуфузли халқаро турнирга таклиф этилиш — Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассисларининг профессионаллиги ва тажрибаси эътирофидир. Аделя Курмаеванинг Жаҳон чемпионатидаги фаолияти эса мамлакатимизда аёллар футбол ва футзалининг ривожланишига муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон жаҳон футбол майдонида ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда.