Футзал. Ўзбекистон терма жамоаси I Осиё чемпионатида пешқадамлар сафида
Айни кунларда қўшни Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида карлар жамоалари ўртасида футзал бўйича I Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда. Унда Осиёнинг энг кучли олти терма жамоаси бир даврали тизимда ўзаро куч синашмоқда.
Мазкур тарихий мусобақа 2027-йилда Австриянинг Тирол шаҳрида бўлиб ўтадиган Қишки Сурдлимпия ўйинларига саралаш босқичи вазифасини ҳам бажаради.
Қувонарлиси, қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этмоқда. Азиз Маматов бошчилигидаги терма жамоамиз бугунгача тўртта учрашув ўтказди.
Биринчи турда ҳамюртимиз Уммон терма жамоасини 10:2 ҳисобида мағлуб этишди.
Иккинчи турда эса мусобақа мезбони Қирғиз Республикаси терма жамоасига қарши баҳс олиб борилди. Ушбу учрашувда турнирнинг энг йирик ҳисоби қайд этилди. Ўзбекистон футзалчилари рақиб дарвозасига 20 та гол киритган бўлса, мезбонлар бунга атиги икки гол билан жавоб қайтаришди — 20:2.
Учинчи турда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ғолибона юришини давом эттирди. Бу сафар Баҳрайн футзалчилари ҳамюртимизга қарши ҳеч нарса қила олишмади ва учрашув 9:2 ҳисобида Ўзбекистон фойдасига якунланди.
Бугун эса икки қўшни давлат — Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасида шиддатли ҳамда муросасиз баҳс бўлиб ўтди. Афсуски, учрашувда ҳисобни ўзбекистонлик футзалчилар очган бўлишса-да, омад рақиб томонида бўлди. Қозоғистон терма жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг ҳал қилувчи сўнгги турида Саудия Арабистони билан баҳс олиб боради. Ушбу учрашув якунга кўра, терма жамоамизнинг чемпионатдаги якуний ўрни ва Сурдлимпия йўлланмаси масаласига ойдинлик киритилади.