Футзал. Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинни якунлади
Пойтахтимиздаги Миллий терма жамоалар марказида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4–12-июн кунларига мўлжалланган ўқув-машғулот йиғинни якунлади.
Терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендес бу галги йиғинга мамлакат миллий чемпионатининг сўнгги турларида ўзини кўрсатган, шунингдек, мамлакат биринчилиги иштирокчилари орасидан саралаб олинган 25 нафар футболчини таклиф этди.
Машғулотлар давомида испаниялик мутахассис номзодлар билан яқиндан танишиб, уларнинг имкониятлари ва салоҳиятини ўрганди. Шунингдек, янги футболчиларга ўзининг футзал фалсафасини сингдириш, майдонда бор кучи ва маҳоратини сафарбар этадиган жанговор жамоани шакллантириш устида иш олиб борди.
Албатта, Хосе Мария Мендес эътиборидаги футболчилар фақат ушбу йиғинга жалб этилган номзодлар билан чекланмайди. Мутахассис терма жамоа эшиклари муносиб футболчилар учун доимо очиқ эканини, ўзининг ижобий жиҳатларини намоён эта оладиган ҳар бир ўйинчини миллий жамоада кўришни мунтазам таъкидлаб келади. Шу маънода, нафақат миллий чемпионатимиз, балки хорижда фаолият олиб бораётган легионерлар ҳам мураббийлар штаби кузатувида бўлиб, улардан доимий равишда меҳнат, изланиш ва ўсиш талаб этилади.
Июн ойидаги йиғинда бош мураббийга Ўзбекистон футзал федерацияси таклифига биноан пойтахтимизга ташриф буюрган португалиялик мутахассис Нуну Мигел яқиндан ёрдам берди. У дарвозабонларнинг замонавий футзалдаги ўрни нақадар муҳим эканини, шунингдек, миллий, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари посбонларидан расмий учрашувларда нималар талаб этилишини амалий машғулотлар орқали намойиш этди.
Нуну Мигелнинг машғулотлари нафақат терма жамоа дарвозабонлари, балки клуб тизимида фаолият юритаётган дарвозабонлар мураббийлари учун ҳам фойдали ва самарали бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги йиғини куз фаслида, FIFA кунлари арафасида ташкил этилади. Кейинги йиғинлардан эътиборан бир қатор назорат, халқаро ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш ҳам режалаштирилган.