Футзал. Ўзбекистон – I Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори!
Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида 26-июн – 5-июл кунлари карлар жамоалари ўртасида футзал бўйича қитъа чемпионати бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли мусобақада муносиб иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси фахрли 3-ўринни эгаллаб, I Осиё чемпионатининг бронза медаллари соҳибига айланди.
Чемпионатнинг ҳал қилувчи турлари олдидан терма жамоамиз таркибида жароҳатлар сабаб юзага келган йўқотишлар натижаларга ўз таъсирини кўрсатди. Асосий таркибнинг уч нафар футболчиси иштирок этмаган ўйинларда Қозоғистон (2:3) ва Саудия Арабистони (5:9) терма жамоаларига имконият бой берилди.
Шунга қарамай, Азиз Маматов бошчилигидаги терма жамоамиз мусобақа давомида ёрқин ўйин намоён этиб, қатор эътирофга лойиқ натижаларни қайд этди:
Мусобақанинг энг сермахсул жамоаси — 46 та гол;
Тўплар фарқи бўйича энг яхши кўрсаткич — +28;
Артур Умуров 17 та гол билан чемпионатнинг энг яхши тўпуравига айланиб, «Олтин бутса» совринини қўлга киритди;
Темирмалик Турсунов эса 9 та гол билан мусобақанинг иккинчи энг яхши тўпурари бўлди.
Мазкур чемпионат терма жамоамиз учун нафақат медал, балки қимматли халқаро тажриба ҳам тақдим этди. Бу эса келгуси нуфузли халқаро мусобақаларда янада юксак марраларни забт этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.