Футзал. Янги мавсумга — янги ислоҳотлар билан
Мамлакат футзали янги мавсумга катта ўзгаришлар, туб янгиланишлар билан қадам қўймоқда. Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг жорий йил 8-июл куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида қабул қилинган қарор ва топшириқлар асосида 2026/2027-йилги мавсумга тайёргарлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Энг аввало, Олий лига иштирокчиси бўлган клубларда кенг кўламли ташкилий ислоҳотлар амалга оширилди. Барча клублар қайта ташкил этилиб, алоҳида мустақил юридик шахс мақомига эга бўлди. Улар масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида давлат рўйхатидан ўтказилиб, мустақил бошқарув ҳамда молиявий фаолият юритиш тизимига ўтди.
Шунингдек, XXX миллий чемпионатда иштирок этадиган клубларнинг аксарияти ўз номларини географик жойлашуви, тарихий анъаналари ва маҳаллий ҳудуд менталитетидан келиб чиқиб янгилади. Янги бренд асосида клуб логотиплари, рамзлари ҳамда тегишли ҳужжатлар қайта ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланмоқда.
Клубларда замонавий бошқарув тизимига мос, намунавий штатлар жадвалига мувофиқ мураббийлар штаби ҳамда маъмурият шакллантирилмоқда.
Янги мавсум олдидан жамоалар таркибини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Регламентга мувофиқ, Олий лига клублари таркибида камида 18 нафар ва кўпи билан 25 нафар футзалчи рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Шунингдек, камида уч нафари 2009-йил ва ундан кейин туғилган ёш футзалчилар бўлиши шарт. Бундан ташқари, ушбу ёш тоифасидаги футзалчилардан камида бир нафари ҳар бир учрашув қайдномасига киритилиши ҳамда унга мунтазам ўйин амалиёти берилиши назорат қилинади.
Таркибни шакллантиришда яна бир муҳим янгилик жорий этилди. Эндиликда футзалчилар уч тоифага ажратилади:
1-тоифа — тажрибали, юқори маҳорат ва етакчилик салоҳиятига эга футзалчилар.
2-тоифа — миллий чемпионатларда катта тажриба орттирган, ёш футзалчиларга ўрнак бўла оладиган ҳамда жамоанинг асосий ўзагини ташкил этувчи футзалчилар.
3-тоифа — 2009-йил ва ундан кейин туғилган, катта футзалга энди кириб келаётган, Ўзбекистон ёшлар, ўсмирлар терма жамоаларига номзод истиқболли ва иқтидорли ёшлар.
Легионерлар масаласида ҳам янги талаблар жорий қилинмоқда. Клуб сафидан жой оладиган хорижлик футзалчилар ўз маҳорати билан маҳаллий футзалчилардан устун бўлиши, биринчи тоифа даражасига мос келиши ҳамда жамоада соғлом рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 10-июлдан ёзги трансфер ойнаси расман очилди. Айни пайтда клублар янги мавсум учун таркибни якуний шакллантириш, футзалчилар билан шартномалар тузиш ҳамда уларни Ўзбекистон футзал федерацияси Мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш департаменти томонидан юритилаётган MY League платформасида рўйхатдан ўтказиш ишларини фаол давом эттирмоқда.