locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал. Вилоят ҳокими кубоги Эзгу ниятга насиб этди

Мамлакатимизнинг футзал марказларидан бирига айланиб бораётган Жиззах вилоятида кеча иккинчи лига баҳслари якунига етди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Футзал. Вилоят ҳокими кубоги Эзгу ниятга насиб этди
photo: UFF

Мамлакатимизнинг футзал марказларидан бирига айланиб бораётган Жиззах вилоятида кеча иккинчи лига баҳслари якунига етди. 56 та жамоа совринли ўринлар учун кураш олиб борган ушбу энг оммавий вилоят биринчилигининг ҳал қилувчи учрашувлари Дўстлик туманида янги қурилиб, фойдаланишга топширилган спорт мажмуасида ўтказилди.

Жиззах вилоятининг деярли барча ҳудудлари, шунингдек, турли ташкилот, корхона ва муассасалар жамоаларини қамраб олган вилоят биринчилиги — Иккинчи лиганинг 2025/2026-йилги мавсуми икки босқичдан иборат тарзда ташкил этилди. Дастлабки босқичдан сўнг 32 та жамоа саралаб олиниб, улар ғолиблик учун саккизта гуруҳда иккинчи босқич баҳсларини давом эттирди. Нимчорак финалдан бошлаб эса “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаси олимпия тизимида ўтказилди.

Мусобақанинг совринли ўринлари учун кечган ўйинлар қизиқарли ва шиддатли курашларга бой бўлди. Бош соврин тақдири “Эзгу ният” ҳамда “Дўстлик” жамоалари ўртасидаги финал учрашувида ҳал этилди. Дарвозаларга еттита тўп киритилган баҳсда “Эзгу ният” жамоаси 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди. “Дўстлик” жамоаси кумуш, “BMB” жамоаси эса бронза медалларга сазовор бўлди.

Финал учрашувидан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футзал федерацияси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят футбол ассоциацияси ҳамда Дўстлик тумани ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди. Совринли ўринларни эгаллаган жамоаларга медал, диплом ва пул мукофотлари топширилди, шунингдек, турли номинациялар ғолиблари махсус совринлар билан тақдирланди.

“Эзгу ният” жамоасига, шунингдек, “Вилоят ҳокими кубоги” ҳам тантанали равишда топширилди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг