locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал. Ҳудудий лига ғолиблари Республика турнири ўз лауреатларини аниқлади

Қарийб бир ҳафта давом этган 2026-йилги мавсумнинг мамлакатимиз футзалиданги сўнгги мусобақаси — Ҳудудий лига ғолиблари Республика турнири ўз ниҳоясига етди.
Футбол
Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Футзал. Ҳудудий лига ғолиблари Республика турнири ўз лауреатларини аниқлади
photo: UFF

Қарийб бир ҳафта давом этган 2026-йилги мавсумнинг мамлакатимиз футзалиданги сўнгги мусобақаси — Ҳудудий лига ғолиблари Республика турнири ўз ниҳоясига етди. Жиззах шаҳридаги Вилоят футбол академияси спорт залида тантанали тарзда ташкил этилган 3-ўрин учун баҳс ҳамда финал учрашувидан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Бронза медаллари учун мезбонлар — Жиззахнинг “Эзгу ният” ҳамда Хоразм вилоятининг “Хонқа” жамоалари майдонга тушишди. Гуруҳ босқичидаги ўзаро учрашувдан фарқли равишда бу сафар ташаббус тўлиқ мезбонлар томонида бўлди ва “Эзгу ният” йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди.

Чемпионлик учун кечган финал баҳсида Тошкент шаҳрининг “Парма” ҳамда Тошкент вилояти Ҳарбий округи ТХО жамоалари ўзаро куч синашди. Қизиғи, гуруҳ босқичидаги учрашувда ҳам “Парма” рақибидан устун келганди. Ҳал қилувчи финалда эса пойтахтликлар мутлақ устунлик намойиш этиб, ТХО дарвозасига жавобсиз 7 та гол урди ва мусобақа чемпионига айланишди.

Тақдирлаш маросими аввалида мусобақани профессионал даражада бошқариб борган ҳакамлар — Асқар Арзибеков, Фаррух Музаффаров, Жаҳонгир Аллаев ҳамда Дилшод Ахмедов эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Дастурни турли номинациялар бўйича лауреатлари, шунингдек, мусобақа ғолиб ҳамда совриндорларини тақдирлаш маросими якунлаб берди,

Турнирнинг индивидуал совриндорлари:
Энг яхши дарвозабон
— Аббос Искандаров (“Хонқа”)
Энг яхши тўпурар — Суҳроб Айтбаев (“Эзгу ният”)
Энг яхши ўйинчи — Алиакбар Байбурин (“Парма”)
Fair Play (Ҳалол ўйин) соврини — “БухДУ”

Якуний натижалар:
3-ўрин, бронза медаллари ва 10 миллион сўмлик ваучер
— “Эзгу ният”
2-ўрин, кумуш медаллари ва 15 миллион сўмлик ваучер — ТХО
1-ўрин, олтин медаллари, Чемпионлик кубоги ҳамда 25 миллион сўмлик ваучер — “Парма”

Шу тариқа Ҳудудий лига ғолиблари Республика турнири якунланди ва 2026-йилги мавсумнинг навбатдаги мусобақаси ҳам тарих саҳифасига муҳрланди.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг