Футзал терма жамоаси Европа синовларига тайёргарлик кўрмоқда
Футзал терма жамоаси Европа синовларига тайёргарлик кўрмоқда
Пойтахтимиздаги Миллий терма жамоалар маркази спорт залида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Европа сафари олдидан бошланғич ўқув-машғулот йиғини давом этмоқда.
Йиғиннинг учинчи куни ҳам футболчилар учун икки маҳалдан интенсив машғулотлар ташкил этилмоқда. Олдинда футзалчиларимизни янги халқаро синовлар кутмоқда.
Дастлаб, испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес бошчилигидаги терма жамоамиз Будапешт шаҳрида Венгрия миллий терма жамоасига қарши иккита учрашув ўтказади.
Шундан сўнг Амстердам шаҳрида Нидерландия Қироллиги миллий терма жамоасига қарши яна иккита ўртоқлик-назорат учрашуви режалаштирилган.
Таркиб учун рақобат давом этмоқда
Тошкентдаги йиғинга жами 21 нафар футзалчи жалб этилган. Европа сафари учун эса улардан 14 нафари саралаб олинади.
Бош мураббий Хосе Мария Мендес Европадаги учрашувларнинг ташкилий масалаларини ҳал этиш мақсадида олдиндан Будапештга йўл олган. Шунга қарамай, у Тошкентдаги машғулотларни ҳар куни онлайн кузатиб, мураббийлар штабига зарур тавсияларни масофадан етказиб бермоқда.
Мураббийлар штаби машғулотларда
Бош мураббий ёрдамчиси Нодир Элибоев машғулотлар жараёнида футзалчиларнинг ўзаро ўйин боғламларини шакллантириш ва жамоавий ҳаракатларни такомиллаштиришга эътибор қаратмоқда.
Шуҳрат Тожибоев эса номзодларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ҳолатини назорат қилмоқда.
Дарвозабонлар билан ишлаш йўналишида эса мураббийлик фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган Рустам Умаров фидойилик билан меҳнат қилмоқда.
Футзалчиларнинг саломатлиги ва машғулотларга тайёргарлик ҳолати физиотерапевт Абдураҳим Саримсоқов томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Европадаги учрашувлар ЎФФ YouTube каналида?
Терма жамоалар билан ишлаш ҳамда Халқаро алоқалар департаментлари томонидан Венгрия ва Нидерландия миллий терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларини намойиш этиш масаласи ҳам жиддий ўрганилмоқда.
Агар мезбон давлатлар томонидан учрашувлар телевидение ёки ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда намойиш этилса, уларни Ўзбекистон Футзал Федерациясининг YouTube канали орқали ретрансляция қилиш режалаштирилган.
Европа сафари олдидан сўнгги тайёргарликлар давом этмоқда.