Футзал. Сурхондарё жамоаси биринчи лигага тайёрми?
Ўзбекистон футзал федерацияси ишчи гуруҳи мамлакат биринчилиги арафасида иштирокчи жамоаларнинг тайёргарлик даражаси ва ҳудудий шароитларни ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
О‘ФФ президенти вилоятларга борганида ҳудудий ассоциация раҳбарлари билан келишувга эришилган эди. Шу келишувларни ижросини таъминлаш мақсадида, яъни футзал жамоалари фаолиятини йўлга қўйиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда профессионал жамоаларнинг республика миқёсидаги мусобақаларда мунтазам иштирокини таъминлаш вазифалари доирасида амалга оширилди.
Сурхондарё азалдан юртимиз футболига истеъдодли ўйинчиларни етказиб берувчи маскан сифатида танилган. Бугунги кунда ҳам вилоятда юзлаб фидоий чарм тўп усталари соҳа ривожи йўлида меҳнат қилишмоқда. Вилоят мутасаддилари футзал бўйича мамлакат биринчилигида қатнашувчи жамоани шакллантириш устида иш олиб бормоқда. Қизириқ тумани базасида ташкил этилиши режалаштирилаётган жамоа аъзолари аллақачон янги мавсумга тайёргарликни бошлаган. Вилоят марказида эса Регламент талабларига тўлиқ жавоб берадиган спорт иншоотлари мавжуд.
О‘ФФ ишчи гуруҳи Термиз шаҳрига ташриф давомида футзалга ихтисослашган спорт объектлари билан яқindan танишди. Шунингдек, улар Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Илҳом Сапаров, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Санжар Шомуродов билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида вилоятда футзални янада ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва профессионал жамоанинг биринчи лига баҳсларида муносиб иштирок этишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.