Футзал. Сариқ қитъа XVIII Осиё Кубоги мусобақасига ҳозирланмоқда
2026 йилнинг 27-январ санасидан 7-февралга қадар Осиё футзал ишқибозларининг диққати Индонезия мамлакатига қаратилган бўлади. Дунёдаги энг катта Малай архипелағининг 17,5 минг ороли ва Янги Гвинея оролининг ғарбий қисмида жойлашган мазкур мамлакат ҳудуди 1904,6 минг квадрат километрни ташкил этади ва пойтахти Жакарта шаҳри саналади.
Индонезия Осиё Кубоги баҳсларига иккинчи марта мезбонлик қилмоқда. Илгари, футзал жамоалари мазкур мамлакатга 2002 йилги қитъа Кубогида куч синашиш учун ташриф буюришган эди. Орада 24 йил ўтиб, яна қитъамизнинг барча футзал жамоатчилиги мазкур мамлакатда тўпланишади.
2026 йилги Осиё Кубоги баҳсларини қабул қилишга пойтахтдаги иккита йирик спорт мажмуаси — Индонезия Арена ҳамда Жакарта халқаро велодроми тайёргарлик кўрмоқда. Индонезия Арена спорт мажмуаси пойтахт марказида барпо этилган янги спорт иншооти бўлиб, расман 2023 йилнинг 7-август санасида очилган ва универсал спорт саройи 16 500 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. Жакарта Халқаро Велодроми пойтахтнинг шарқий қисмидаги Раваманганда 2018 йилги Осиё ўйинлари муносабати билан қурилиб, фойдаланишга топширилган ва 8 500 томошабинга мўлжалланган.
Осиё Кубоги-2026 мусобақасининг “A” ҳамда “C” гуруҳлари баҳслари — Индонезия Аренада, “B” ҳамда “D” гуруҳи ўйинлари эса Жакарта Халқаро Велодромида бўлиб ўтади. Демак, биз Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдаги барча учрашувларини пойтахт марказидаги янги спорт аренасидан томоша қиламиз. Гуруҳимизда бир пайтда бошланадиган 3-тур баҳсларида ҳам бизнинг терма жамоа Индонезия Аренада қолади, иккинчи учрашув эса Велодромда ташкиллаштирилади.
Осиё футбол конфедерацияси гуруҳимиздаги учрашувлар тақвими ҳамда ўйинларнинг бошланиш вақтларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадиган “C” гуруҳи ўйинлари тақвими қуйидагича кўриниш олган (ўйинлар Индонезия вақти билан берилади):
2026 йил 28-январ, чоршанба
Соат 15:00 Япония – Австралия
Соат 19:00 Ўзбекистон – Тожикистон
2026 йил 30-январ, жума
Соат 15:00 Австралия – Ўзбекистон
Соат 19:00 Тожикистон – Япония
2026 йил 1-феврал, якшанба
Соат 15:00 Япония – Ўзбекистон
Соат 15:00 Тожикистон – Австралия
Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар 3-феврал куни чорак финалда баҳс юритишади. Ярим финал ўйинлари 5-феврал санасига, финал учрашуви эса 7-февралга режалаштирилган.