Футзал. Пойтахт истеъдодлари ҳам ЎФФ селекциясидан муваффақиятли ўтишди
Ўзбекистон футзал федерациясининг терма жамоалар билан ишлаш департаменти ҳамда мамлакатимиз ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари бош мураббийларидан иборат ЎФФ Ишчи гуруҳи Тошкент шаҳридаги Юнусобод спорт мажмуасида пойтахтнинг истиқболли ёш футзалчилари иштирокида навбатдаги селекция кўриги ўтказди.
Саралашда 80 нафарга яқин истеъдодли футзалчи ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Номзодлар назорат учрашувлари орқали техник маҳорати, тактик савияси ва индивидуал салоҳиятини намоён этди. Якунда иқтидори билан ажралиб турган бир қатор ёшлар кейинги босқич учун номзодлар рўйхатига киритилди.
Шу тариқа, ЎФФ Ишчи гуруҳи мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳудудий селекция жараёнларини муваффақиятли якунлади. Натижада ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари учун муносиб номзодлар дастлабки саралаш босқичидан ўтказилди.
Август ойининг сўнгги ўн кунлигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес бошчилигида барча номзодлар Тошкентда якуний селекцияга жалб этилади. Айни шу босқич якунига кўра, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига номзодларнинг якуний рўйхати шакллантирилади. Селекция саналари бўйича қўшимча маълумотлар ЎФФнинг расмий саҳифаларида эълон қилинади.
Юртимиз истеъдодларга бой. Шу боис ЎФФ мураббийлар штаби селекция билан чекланиб қолмай, ҳудудлардаги мутахассислар тавсиялари асосида йил давомида истиқболли футзалчиларни кузатишда давом этади. Ўз устида мунтазам ишлаётган ёшлар Олий ва Биринчи лига клубларида ўз салоҳиятини намоён этиш орқали мамлакат терма жамоаларига йўл олиш имкониятига эга бўладилар.